Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчиларининг асосий қисми – фермер ва деҳқон хўжаликлари ҳамда томорқа ер эгалари ҳиссасига тўғри келади. Улар ўзларига бириктириб берилган ер майдонлардан оқилона фойдаланиш ҳамда элимиз дастурхони тўкин бўлиши баробарида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга катта ҳисса қўшиб келмоқдалар.
Маълумки, республикамизда пахта ва ғалла катта майдонларда етиштирилади, ушбу экинлар экилган майдонлар четларидан самарали фойдаланиш, қушимча маҳсулот ишлаб чиқишга ва фермерлар даромадини оширишга замин бўла олади.
Бунда асосий экинга қўшимча тарзда, дала четларида сабзавот ва полиз етиштириш тавсия этилади. Бунинг учун ушбу экинларини етиштириш технологиясини билиш лозим.
Қуйида республикамиз вилоятларида жойлашган хўжаликларда кичик майдонли 3, 6, 10 сотих ва ундан ҳам кўпроқ ер майдонларида қандай ва қайси муддатларда сабзавот ва полиз экинларини экиш кўрсатилган.
Мамлакатимизда 5 муддатларда сабзавот ва полиз экинларини етиштирса бўлади:
• эрта баҳорда февраль ойининг иккинчи ярмидан бошлаб, то 10 мартгача сабзи, оқбош ва гул карам, пиёз, редиска ва барча кўкат сабзавотларни;
• кеч баҳорда апрель-май ойларида иссиқсевар сабзавотларни кўчати билан помидор, бодринг, ширин қалампир, бақлажон, полиз экинларининг ҳаммасини ҳамда ўрта муддатларда етиштириладиган оқбош карам экилади;
• эртаги сабзавотлар ва ғалладан бўшаган ерларга июнь ойида карамнинг кечпишар навлари ҳамда 15 июлгача сабзи, ош лавлаги, картошканинг ўртапишар ва эртапишар навлари ва бодринг экинлари экилади;
• ёзнинг охири август ойининг бошида турп, шолғом ва ойнинг иккинчи ярмидан бошлаб пиёз уруғи сепилади;
• куз ойининг бошида сентабрнинг ўрталарида саримсоқ (чеснок) экилади. Гул карам кўчатини, редиска ва барча кўкат сабзавотлар экилади. Кузнинг охирги ойида тўқсонбости қилиб, ноябрдан то 10 декабргача пиёз, сабзи, ош лавлагининг эркаклаб кетмайдиган навлари экилади.