Электрон почта: info@agroxabarlari.uz

Kurs UZS USD 12 439.41 −81.37 EUR 14 583.96 −50.33 RUB 151.87 −1.83

Мандаринни уй шароитида етиштиришда нималарга аҳамият бериш лозим?

Мандарин – нафақат мазали ва хушбўй цитрус меваси, балки уйингиз учун ажойиб, яшил безак ҳамдир! Ҳар бир инсон уни уйда тувакда ўстириши мумкин. Бунинг учун энг асосий қоидаларни билиш ва уларга риоя қилиш керак.

Дастлабки қадам – тўғри уруғ танлашдир. Масалан, гибрид (дурагай) мандарин уруғлари тезроқ ўсади, барвақт гуллайди ва ширин мевалар беради. Данакчалар юпқа, синган ёки учи қорайган бўлмаслиги керак. Биргина тувак учун камида 5 та уруғ экиш керак.

Тўғри тупроқ – муваффақият калити ҳисобланади. Мандарин шўр тупроқни ёқтирмайди, шунинг учун тўғри субстрат танлаш муҳим. pH 6,5-7 даражадаги тупроқ энг маъқули ҳисобланади. Мустақил равишда тайёрлашни истасангиз:

➖200 гр чириган чиринди,
➖200 гр дарахт баргларидан ҳосил бўлган чиринди,
➖100 гр дарё қуми аралаштириб, мандарин учун ажойиб тупроқ тайёрлаш мумкин.

Уруғ қанчалик тез ерга экилса, шунчалик тез униб чиқади. Шунинг учун олган заҳоти 4 см чуқурликка тупроққа экиш керак. Агар вақт ўтказиб юборилса, данакчаларни 2-3 кун сувда ивитиш тавсия қилинади. Бир ой ичида илк кўкатлар пайдо бўлади.

Бу даврда тупроқнинг намлиги ва ҳаво ҳароратини кузатиб бориш муҳим! Ҳарорат +20°C дан пастга тушмаслиги, +25°C дан ошмаслиги зарур. Ҳаддан ташқари сув қўйиш мумкин эмас, шу қатори тупроқни ҳаддан ташқари қуритиш ҳам яхши эмас.

Кўчатларга қандай ғамхўрлик қилиш керак?

➖5 ёшгача – мунтазам суғориб, тоза ҳавога олиб чиқиш керак.
➖5 ёшдан кейин – қишда +10..12°C ҳароратда камроқ суғорилади ва “қишки уйқу”га тайёрланади.
➖Баҳорда +16..18°C ҳароратда мандарин гуллай бошлайди!
➖5-6 ёшга етганида – илк меваларни беради!