Электрон почта: info@agroxabarlari.uz

Kurs UZS USD 12 439.41 −81.37 EUR 14 583.96 −50.33 RUB 151.87 −1.83

Қовоқни кўчат услубида экишнинг афзалликлари

Кўчат услуби одатдагича уруғларни тўғридан-тўғри ерга экишга нисбатан бир қатор афзалликларга эга. Ошқовоқ кўчати одатда 30-80 кун мобайнида ўстирилади. Ўсимлик ривожланишидаги эришилган илгарилаш эрта ҳосил олиш имконини беради. Эрта олинган ҳосилни юқори баҳоларда сотиш қўшимча даромад олишни таъминлайди. Илгарилаш туфайли кўчат услуби ўсиш даврини чўзиш имконини беради. Бу ошқовоқ ҳосилдорлигини оширади ва ўсиш даври узоқ давом этадиган, аммо иссиқлик етишмайдиган ҳамда уруғдан экилганда ҳосилни тўлиқ тўплай олишга шароит бўлмайдиган шимолий минтақаларда иссиқсевар экинларни етиштиришга ва у ердаги сабзавотлар турини бойитишга имкон яратади.

Кўчат услуби ошқовоқ ва бошқа полиз экинлари ҳаётининг бошларида ерга бўлган эҳтиёжини камайтиради. Уларни озуқа, намлик, иссиқлик, ёруғлик ва бошқа омиллар билан яхшироқ таъминлаш, ҳали заиф ниҳолларни зараркунандалар, касалликлар, бегона ўтлардан яхшироқ ҳимоя қилиш, уларга қарши курашда меҳнат сарфини камайтиришга имкон бўлади. Кўчат услубида уруғ сарфи доимий жойга экилганига кўра 3-7 марта камаяди. Ҳимояланган ер шароитида ўсимликларни кўчат орқали етиштириш маҳсулот чиқиш даврини узайтириб, сунъий ёритиш манбаларидан иқтисодий томондан самарали фойдаланишга имконият яратади. Таннархининг юқорилигига қарамай кўчат услуби иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлайди ва у сабзавотчиликда кенг миқёсда қўлланилади.