Лимон цитрус ўсимликлар ичида совуққа энг чидамсиздир. Ҳаво ҳарорати пасайиб, -4 -5 °C тушганда барглари ва ёш новдалари, -6 -7 °C да эса кўп йиллик танаси, -8 -9 °C да ер устки қисми нобуд бўлади, шона ва гуллари – 1,0 -1,5 °C да, меваси -1,5 -2,5 °C да зарарланади. Кўп йиллик тадқиқотлар ва кенг кўламдаги ишлаб чиқариш тажрибасидан маълум бўлишича, синаб кўрилган барча лимон навларидан фақат “Меер” нави хандақ ва иссиқхоналарда ўстириш учун энг мақбул нав эканлиги аниқланган: бу нав секин ўсиши ва бошқа навларга қараганда серҳосиллиги билан фарқ қилади. Шунингдек, “Ўзбекистон ҳосилдори”, “Ўзбекистон тўнғичи” навлари ҳам яхши кўрсаткичларга эга бўлди.
Тупроқни лимон кўчатларини ўтказишга тайёрлаш
Иссиқхона ва хандақлар тупроғи яхшилаб текисланади ва унга 600-800 кг чириган гўнг, 200 г суперфосфат ҳамда 100 г калийли ўғитлар солиниб, 25-30 см чуқурликда ишлов берилади. Иссиқхоналарда илдиз тизими яхши ўсган бир ёшли ва икки ёшли кўчатлар баҳорда (март) ёки кузда (октябрь) ўтқазилади. Кузда лимон кўчати илдизига ёпишган тупроғи билан ўтқазилади. Акс ҳолда, ўсимликларнинг бир қисми нобуд бўлади. Ўтқазишдан олдин боғқайчи ёки ўткир пичоқ ёрдамида охирги ўсиш даражасининг учдан бир қисми, шунингдек, ортиқча новдалари, илдизининг синган қисми кесиб ташланади. Кўчат ўтқазилганидан сўнг унинг атрофидаги тупроқ зичланади ва бир челакдан сув қуйилади. Сўнгра ҳар бир қаторнинг иккала томонидан туплар танасидан 25-30 см масофада олинган эгатлар бўйлаб суғорилади. Хандақларга апрель ойида аёзли хатарлар ўтганидан кейин кўчатлар ўтқазилади.