Электрон почта: info@agroxabarlari.uz

Kurs UZS USD 12 439.41 −81.37 EUR 14 583.96 −50.33 RUB 151.87 −1.83

Айсберг карамини бозори чаққонлигини билармидингиз?

Айсберг карами сўнгги йилларда мамлакатимиз истеъмол бозорида ўзининг мустаҳкам ўрнини эгаллаб бормоқда. Мазкур маҳсулот уй бекалари орасида салат тайёрлашда энг кўп танланадиган сабзавотлардан бири ҳисобланади.
Ресторанлар ва бозорлар ҳам ушбу карам турига юқори талаб билдирмоқда, нархи ҳам барқарор. Шу боисдан айсберг карамини етиштириш деҳқонлар учун бозори чаққон ва даромадли экин саналади.

Такрорий экин сифатида экиш вақти
Мазкур карам турини такрорий экин сифатида экишнинг энг мақбул даври қуйидагича белгиланган:

Экиш учун мос ерлар:
Эртаги картошка, сабзи, бодринг, ош лавлаги ва ғалладан бўшаган майдонлар.

Тавсия этилган навлар:
Конкорд F1, Лагунас Ф1, Саула Ф1, Фиорет, Мадрид Ф1, Робинсон Ф1, Крупнокочанний, Русский размер.

Экиш муддатлари:

* Жанубий вилоятлар: 1–5 сентябрь
* Марказий вилоятлар: 10–15 август
* Шимолий минтақалар: 1–5 август

Кўчат далага ўтказилганда унда 6–7 та ҳақиқий барг бўлиши лозим.

Экиш схемаси:
70×20 см, 70×30 см ёки 40+15+15×30 см (ўсимлик ўсишига қараб). Ер 20–30 см чуқурликда ҳайдалади ва чизелланади.

Парвариш ишлари:

* Экишдан 2–3 кун ўтиб, унмаган жойларда қўшимча кўчат экилади.
* Кўчатлар тутгач, эгатлар оралари культивация қилинади.
* Биринчи ялпи ишлов – кўчат ўтқазилгандан 15–20 кун ўтиб: қатор ораларини юмшатиш, минерал ўғит бериш ва суғориш.
* Иккинчи ялпи ишлов – биринчи суғоришдан 20–25 кун ўтиб амалга оширилади.

Ўғит меъёрлари (1 гектар учун):

* Бўз тупроқларда: 240 кг азот, 160 кг фосфор, 100 кг калий.
* Ўтлоқи-ботқоқ тупроқларда: 200 кг азот, 160 кг фосфор, 120 кг калий.

Суғориш:

* Бўз тупроқларда: 7–8 марта
* Сизот суви юқори ерларда: 5–7 марта
* Суғориш меъёри: 500–550 м³/га

Ҳосилдорлик – ўртача 23–25 тонна/га.