Картошка ҳосили ўсимликнинг палаклари сарғайиб, пастки барглари қуригач, туганак пўсти қалинлашгач, октябрь охири ноябрь ойи бошларида йиғиб олинади.
Кўпчилик ҳолларда картошка ўсиб турган палаги билан ковланади. Ҳосилни машиналар ёрдамида йиғиб олишни осонлаштириш учун палак юладиган косилкалардан фойдаланилади. Картошка ковлангандан кейин даланинг ўзида бир неча соат давомида қуритилади ва майда-йириклигига қараб сараланади. Бунда вазни 25-30 г дан юқори бўлган йирик ва ўртача туганаклар товар маҳсулот сифатида ажратилади. Майда ва шикастланган туганаклар бракка чиқарилади.
Ёғинли кунларда ковланган картошка омбор ёки усти берк бостирмаларда 2-3 кун давомида қуритилади. Агар ҳосилни йиғиш даврида қора совуқлар тушиб қолгудек бўлса, совуқ урган туганакларни аниқлаш мақсадида картошка иссиқ биноларда бир неча кунгача сақланади. Бунда совуқ урган туганакларнинг ҳамма қисми ёки айрим жойлари юмшаб, ажралиб қолади.
Етиштирилган картошка ҳосилининг учдан бир қисми йиғиштириш, ташиш, саралаш ва сақлаш мобайнида нобуд бўлади.
Нобудгарчиликни кескин камайтириш учун далалар ҳосилни йиғишга тайёрланиши, механик шикастланишга йўл қўймаслиги, сақлаш режимига қатъий риоя қилиш лозим. Айниқса, хўраки ва уруғлик картошкани сақлашга катта аҳамият бериш талаб қилинади.
Картошка ковлангандан кейин туганаклар 20-30 кун давомида кучли нафас олади ва вазнини анча йўқотади. Картошка қоронғи жойда, ҳаво намлиги ва ҳарорат юқори бўлган шароитда сақланса, туганакнннг шикастланган қисмида пўкаксимон тўқима ҳосил бўлади. Бу тўқима туганакни нам йўқотишдан ва унинг ичига микроорганизмлар киришдан сақлайди.
Узоқ муддатга сақланиши учун хўраки ва уруғлик картошка қуруқ соғлом, тоза ҳамда механик шикастланишлардан ҳоли бўлиши лозим. Йиғиштиришда шикастланган туганакларда нафас олиш ҳамда сўлиш жараёнининг активлашиши оқибатида кўп қуруқ модда йўқолади. Чиритувчи микроорганизмлар кириб, уларни нобуд қилади. Йиғиштириш чоғида асосий эътибор ковловчи механизмлар картошкани механик шикастланишдан сақлашга қаратилмоғи лозим.
Ковлаб олинган картошка узоқ сақланишгача аралашмалардан тозаланади, сараланади, шикастланган туганаклардан ажратилади. Бу ишлар далада ёки махсус пунктларда йиғиш усулига, об-ҳаво шароитига картошка биологик ҳолати ва фойдаланишига, сақлаш хилига қараб куздан кечирилади. Картошка сақлаш учун асосан омборхоналардан, қисман эса ямалардан фойдаланилади. Энг қулай ва самарали усул омборхоналардан фойдаланишдир. Чунки, унда ҳарорат ва намликни бошқариш мумкин.