Электрон почта: info@agroxabarlari.uz

Kurs UZS USD 12 509.83 −79.52 EUR 14 520.16 −136.36 RUB 156.55 −1.09

Замонавий гулчилик энди кластер сифатида ҳам фаолият юрита олади

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Агросаноатни ривожлантириш агентлиги томонидан мамлакатимиз ҳудудларида янги замонавий иссиқхоналар ташкил этилишини қўллаб-қувватлаш, гулчиликни ривожлантириш ва мавжуд муаммоларни бартараф этиш йўлидаги тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Хусусан, Тошкент туманида сўнгги йилларда гулчилик соҳаси жадал ривожланиб, фермер ва деҳқон хўжаликлари ҳамда аҳоли томорқаларида бу йўналиш тобора даромадли соҳага айланмоқда.

Гулчилик – бу гулли манзарали ўсимликларни боғ ва хиёбонларга, йўл ёқаларига экиш, бинолар ички маконини безаш, гулдасталар тайёрлаш каби мақсадларда етиштириш билан боғлиқ деҳқончилик соҳаси. Гулларнинг аксарияти очиқ майдонларда ёки иситиладиган иссиқхоналарда парвариш қилинади.

Туманда сўнгги уч йил ичида “Баҳор гуллари”, “FURLAAN”, “Бўчи Агро”, “Убайдулла боғлари”, “Иноватсион илм боғи”, “Daily Green” каби илғор хўжаликлар ташкил этилиб, бу орқали гул ва манзарали ўсимлик кўчатлари, қаламча ва уруғлари, тувакдаги декоратив гуллар етиштириш ҳажми сезиларли даражада ошди.

Статистик маълумотларга кўра, 2020 йилга нисбатан бу йўналишдаги маҳсулот етиштириш ҳажми 3 баробарга ошиб, йилига 150 миллион дона гул ва ўсимликлар етиштирилмоқда. Мазкур маҳсулотлар нафақат пойтахт ва бошқа вилоятларга, балки МДҲ давлатларига ҳам экспорт қилинмоқда.

Агросаноатни ривожлантириш агентлиги гулчилик соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларни янада кенгайтириш, инновацион технологияларни жорий этиш, ишлаб чиқарувчиларга методик ва молиявий кўмак бериш, муаммоларни жойларда ўрганиб, очиқ мулоқот асосида уларни бартараф этишга доимо тайёр эканини маълум қилмоқда.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, очиқ ер ва иссиқхона усулини уйғунлаштириб олиб бориш, йил давомида сифатли ва экспортбоп гул маҳсулотларини етиштириш имконини бермоқда. Бу эса нафақат маҳаллий бозор, балки ташқи бозорларда ҳам Ўзбекистон гулчилик салоҳиятини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Манба: Agro.uz