Қизил лавлаги қадимий ўсимлик бўлиб, дунёнинг барча давлатларида етиштирилади. Унинг 10 га яқин турлари бор. Улардан 4 таси машҳур ва инсоният учун фойдали хусусиятларга эга. Хашаки, қанд, хўраки ва барг лавлаги шулар жумласидандир.
У совуққа чидамли, тупроқ танламайди, шўр ва нам тупроқларда ҳам ҳосил бераверади. Илдизмеваси қизғиш, пояси тўғри ўсади, барглари навбатма-навбат жойлашган, чўзинчоқ, узун бандли, гуллари майда. У асосан июндан бошлаб гуллайди.
Ушбу лавлагининг барча навларини Ўзбекистонда йилнинг исталган фаслида, уй шароитида, хонадонларда тувакларда, махсус ёғоч қутиларда ёки иссиқхоналарда ҳамда эрта баҳордан очиқ майдонларда ҳам етиштириш мумкин. Уруғи яхши пишиб етилганидан сўнг қуритиб олиниб, кейин экилади.
Агарда лавлаги уй шароитида етиштирилса тупроқ ҳарорати 20-25 градус бўлиши лозим. 5-8 кундан кейин уруғлардан ёш ниҳоллар униб чиқади. Ниҳолларни баландлиги 20-25 см бўлганда тупроқ намлигига эътибор қаратиш шарт.
Баҳорда, март ойидан сентябрь ойигача очиқ майдонларга ҳам экиш мумкин. Ўсув даври 80-90 кун, уруғлари тупроқ ҳарорати 10 градус бўлса 10-12 кунда униб чиқади. Биринчи йили барг ва илдизмева беради. Гектарига 5-7,5 кг уруғ сарфланса, гектаридан 300-400 центнер илдизмева ҳосилини беради.
Қизил лавлаги таркибида темир, натрий, магний, калтсий, фосфор ва B, А ва C гуруҳларига кирувчи витаминлар мавжуд. Унинг таркибидаги нитрат кислотаси қон босимини пасайтиришда фойдали. Ундаги антиоксидантлар, бета-каротин ва флавоноидлар танадаги ҳужайралар учун ҳимоячи вазифасини ўтайди.