Электрон почта: info@agroxabarlari.uz

Kurs UZS USD 12 509.83 −79.52 EUR 14 520.16 −136.36 RUB 156.55 −1.09

Россия ҳукумати озиқ-овқат нархини СССР давридагидек қатъий белгилаб қўймоқчими?

Россия Қишлоқ хўжалиги вазирлиги мамлакатдаги энг йирик соҳа уюшмаларидан ижтимоий аҳамиятга эга маҳсулотлар нархини чеклашга доир тузатмалар юзасидан ўз фикрларини билдиришни сўради. Бу ҳақда жорий йилнинг 29 июль куни “Коммерсанть” нашри хабар берди.

Маълумотга кўра, тегишли мактублар Миллий сут ишлаб чиқарувчилар уюшмаси, Мева-сабзавот ишлаб чиқарувчилар миллий иттифоқи, Паррандачилар миллий иттифоқи ҳамда Россия паррандачилик иттифоқига юборилган.

Нашрнинг ёзишича, айни вақтда Россия Қишлоқ хўжалиги вазирлиги икки хил тартибга солиш механизмини кўриб чиқмоқда.

Биринчи вариантга кўра, 2026 йилдан бошлаб чакана савдо тармоқлари орқали сотиладиган маҳсулотларнинг камида 80 фоизи узоқ муддатли, тўғридан тўғри шартномалар асосида фиксацияланган нархларда бўлиши керак. Ушбу нархларнинг йилда бир мартадан ортиқ қайта кўриб чиқилмаслиги, шунингдек, нархлар бўйича шартномани судгача бўлган тартибда бекор қилиш мумкин эмаслиги назарда тутилган. 2027 йилда бу кўрсаткич 85 фоизга, 2028 йилда эса 90 фоизга етказилиши режалаштирилган.

Иккинчи вариантга кўра, маҳсулотларнинг 80 фоизи учун минимал ва максимал улгуржи нархлар бевосита давлат томонидан белгиланади.

“Россия ҳукумати ҳосил ва триллионлик ҳарбий харажатлар билан боғлиқ муаммолар туфайли мамлакатни қамраб олган инфляция ўсишини секинлаштириш учун иқтисодиётни бошқариш бўйича совет рецептларига ўтиши мумкин”, дея мазкур ташаббусга изоҳ берган “The Moscow Times” нашри.

Россия ҳукумати томонидан тартибга солиниши мумкин бўлган маҳсулотлар сирасига картошка, сабзи, карам, лавлаги, помидор, пиёз, сут, тухум, шакар, олма, бодринг, кунгабоқар ёғи киради. “Коммерсанть”га кўра, бу ташаббусга нархлардаги кескин ўсишлар туртки бўлган. Масалан, жорий йилнинг май ойида картошка нархи 2,5 баравардан кўпроққа ошган, “боршч тўплами” таркибидаги сабзавотлар эса йилдан йилга 87 фоизгача қимматлашмоқда.

“Коммерсанть” манбаларига кўра, ихтисослаштирилган касаба уюшмалари ўзгаришларни қўллаб-қувватламаяпти. Уларнинг фикрича, ўсиб бораётган харажатлар фонида улгуржи нархларни белгилаб қўйиш амалда имконсиз. Етказиб берувчилар ва савдо тармоқлари нархлар ўзгаришини маҳсулот таннархидаги муҳим параметрларга, минтақавий фарқларга ва бошқа омилларга боғлаб ҳисоблаш формуласини ишлаб чиқишлари мумкин, аммо бу томонлар ўртасидаги келишув асосида бўлиши керак, мажбурий қонунчилик талаби асосида эмас.