Электрон почта: info@agroxabarlari.uz

Kurs UZS USD 12 509.83 −79.52 EUR 14 520.16 −136.36 RUB 156.55 −1.09

Кузги шудгор қандай қилинишини билармидингиз?

Кузги шудгор – тупроқнинг нам кўп сақланадиган ҳайдалма қаватини кузда юмшатиш; келаси йил баҳорида экинлар экиш учун ерни кузда ҳайдаш. Бунда тупроқнинг юза қатламидаги структурасиз қавати тубига тушиб, юза қаватда структура бир оз тикланади. Тупроқ-иқлим ва ташкилий-хўжалик шароитларга қараб шудгорлаш усуллари ҳамда турлари ўзгариб туради. Кузги шудгор деҳқончиликда қадимдан муҳим аҳамиятга эга бўлгани сабабли ер ҳайдасанг куз ҳайда, куз ҳайдамасанг юз ҳайда” халқ мақоли яратилган. Ҳозирги Кузги шудгор ерга ишлов беришнинг асосий усули ҳисобланади.

Культивация, суғориш каби экинлар парваришига қаратилган тадбирлар шудгорнинг устки қатламини жуда кукунлаштиради, пастки қатлам эса 1,5— 1,6 г/см3 гача зичлашади. Ҳайдалма қатламда муайян юмшоқлик (1,1 — 1,3 г/ см3 ) яратиш учун ер кузда шудгорланади. Кузги шудгор — зараркуванда ва касаллик манбалари, бегона ўт уруғларига қарши курашнинг энг таъсирчан воситаси; ер чуқур ҳайдалганда тупроқнинг юза қаватидаги зараркунандаларнинг личинка ва ғумбаклари нобуд бўлади, тупроқнинг чуқур қатламларида қишлаётганлари эса ер устига чиқади ва ноқулай шароит таъсирида қирилади ёки уларни қушлар териб ейди.

Ҳайдалган ерда кузги ёғинлар яхши сингади. Кузги шудгор да кўкламдаги дала ишлари тиғизлиги камаяди, шунингдек, энг қисқа афотехника муддатларида экиш учун далани эрта баҳор ҳамда экишдан олдин тайёрлашга қулай шароит яратилади. Шунингдек, тупроқда аэроб бактерияларнинг ҳаёт фаолияти натижасида ўсимлик ўзлаштирадиган озиқ моддаларнинг тўпланишига яхши таъсир кўрсатади.