Электрон почта: info@agroxabarlari.uz

Kurs UZS USD 12 136.92 +14.85 EUR 14 191.70 +4.03 RUB 159.99 +3.60

Нега лимон дарахти гули тўкилади ва бунга қандай чоралар кўриш мумкин?

Лимон дарахти йил давомида одатда 3–4 маротаба гуллайди. Шулардан биринчи (апрель–май) ва иккинчи (июнь–июль) гуллаш даврлари ҳосил шаклланиши учун энг муҳим ҳисобланади. Бироқ айрим ҳолларда айнан шу даврларда гулларнинг катта қисми тўкилиб кетиши кузатилади.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, бунинг асосий сабабларидан бири — қишки совуқлар таъсирида дарахтнинг заифлашишидир. Агар лимон дарахти қиш фаслида совуқдан зарар кўрган бўлса, баҳор келиши билан у аввало ўзини тиклашга ҳаракат қилади. Натижада эса барг ва гулларни ташлаб юбориш ҳолатлари юзага келади.

Лимон — ёруғликсевар ўсимлик. Ёруғлик етишмаслиги, шунингдек ортиқча намлик ҳам гул ва мева тугиш жараёнига салбий таъсир кўрсатади. Айниқса, қиш давомида кўп барг йўқотган дарахт баҳорда барча кучини янги барг чиқаришга сарфлаб, ҳосил беришни иккинчи ўринга суриб қўйиши мумкин.

Шу сабабли баҳор ойларида:

  • дарахтнинг соғлом барг чиқаришига эътибор бериш,
  • суғоришни меъёрида амалга ошириш,
  • етарли шамоллатиш шароитини яратиш,
  • касаллик ва зараркунандалардан ҳимоя қилиш жуда муҳим ҳисобланади.

Гул ва мева тўкилишининг яна бир муҳим омили — ўғитлаш тизимининг нотўғри йўлга қўйилишидир. Айниқса, калий етишмовчилиги лимон дарахти учун жиддий муаммо саналади. Калий меванинг дарахтда ушланиб қолиши ва тўғри ривожланишида ҳал қилувчи роль ўйнайди.

Бундан ташқари, азот ва фосфор танқислиги ҳам дарахтнинг умумий ҳолатини заифлаштириб, ҳосилдорликни камайтиради. Шу боис лимон дарахти учун махсус ишлаб чиқилган, калийга бой комплекс минерал ўғитлардан фойдаланиш, ўғитлаш ишларини эса баҳор ва ёз ойларида олиб бориш тавсия этилади.