Электрон почта: info@agroxabarlari.uz

Kurs UZS USD 12 105.56 −24.45 EUR 14 232.51 −12.97 RUB 152.56 −0.48

Қиш фаслида ток нима сабабдан ерга кўмилади

Ток совуққа сезгир ўсимлик бўлгани сабабли қиш мавсумида уни кўмиб қишлатиш муҳим ҳисобланади. Ток барглари тўлиқ тўкилгач, одатда ноябрь ойининг охири ёки декабрь бошларида, тупроқ ҳали музлаб улгурмаган пайтда кўмилади.

Аввало ток атрофи бегона ўтлардан тозаланади, қуриган ва касалланган шохлар кесиб ташланади. Сўнг ток шохлари эҳтиёткорлик билан, синмасдан ерга эгилади.

Эгиб қўйилган ток остига сомон ёки қуруқ ўт солиш тавсия этилади, бу намликни тўғридан-тўғри шохларга ўтишини олдини олади. Шундан кейин ток усти 20–30 сантиметр қалинликда юмшоқ ва қуруқ тупроқ билан ёпилади.

Тупроқни жуда қаттиқ босиб юбормаслик керак, чунки ҳаво алмашинуви сақланиши муҳим. Нам тупроқ билан кўмиш токнинг чиришига сабаб бўлиши мумкин, шунинг учун фақат қуруқ тупроқдан фойдаланиш лозим.

Қиш давомида пастқам жойларда сув тўпланиб қолмаслигига эътибор берилади, зарур бўлса, сув чиқариш учун кичик ариқчалар очилади. Баҳорда ҳаво барқарор исиб, ҳарорат +8…+10 °C атрофида бўлганда ток секин-аста очилади.

Уни бирданига очиб юбориш тавсия этилмайди, чунки кечки совуқлар ёш куртакларга зарар етказиши мумкин. Тўғри ва ўз вақтида кўмилган ток қишни безарар ўтказиб, баҳорда соғлом уйғонади ва ҳосилдорлиги яхши бўлади.

Ҳурматли фермер ва боғбонлар!

Қиш фаслида анорларни совуқдан ҳимоялашга алоҳида эътибор қаратинг. Токни ўз вақтида ва агротехник талабларга мувофиқ кўмиш орқали дарахтнинг соғлом сақланиши, баҳорги вегетациянинг барқарор бошланиши ҳамда келгуси мавсумда мўл ва сифатли ҳосил етиштирилишига эришиш мумкин.