Электрон почта: info@agroxabarlari.uz

Kurs UZS USD 12 003.18 +13.09 EUR 13 987.31 +12.86 RUB 156.68 −1.27

Тошкентда анъанавий “Асал байрами” кўргазма-ярмаркаси бошланди

Бугун Пойтахтимиздаги “Анҳор” боғида ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Асал байрами” кўргазма-ярмаркаси ўз ишини бошлади.

Тадбирда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги масъуллари, Ўзбекистон асаларичилари уюшмаси вакиллари, республиканинг барча ҳудудларидан 400 дан ортиқ асал ва асаларичилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари, шунингдек, 1 500 га яқин эксперт ва соҳа мутахассислари иштирок этмоқда.

Мазкур кўргазма-ярмарка асал етиштириш тармоғини қўллаб-қувватлаш, ички бозорда сифатли маҳсулотлар таклифини кенгайтириш, шунингдек, аҳолига табиий ва хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотларини мақбул нархларда етказиб бериш мақсадида ташкил этилган.

Кўргазма доирасида асалнинг турли навлари, асаларичилик маҳсулотлари, соғлом овқатланишга оид маҳсулотлар ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамёнбоп нархларда савдога қўйилмоқда. Ташриф буюрувчилар учун маҳсулотларнинг сифати, келиб чиқиши ва истеъмол хоссалари бўйича батафсил маълумотлар берилиши йўлга қўйилган.

Тадбир давомида асал етиштириш йўналишида илмий-амалий семинарлар, консультатив учрашувлар, дегустатциялар ҳамда ишлаб чиқарувчилар ўртасида тажриба алмашиш сессиялари ўтказилиши режалаштирилган.

Айтиш керакки, “Асал байрами” ярмаркаси нафақат сифатли маҳсулотларни харид қилиш имконини яратади, балки соҳани ривожлантириш, инновацион технологияларни жорий этиш ва асаларичилик тармоғида ташаббусларни қўллаб-қувватлаш учун муҳим майдон вазифасини бажаради.