Электрон почта: info@agroxabarlari.uz

Kurs UZS USD 12 003.18 +13.09 EUR 13 987.31 +12.86 RUB 156.68 −1.27

Гумус нима ва у қандай шаклланади?

Гумус (лот. ҳумус — тупроқ), яъни чиринди — тупроқ таркибидаги барқарор, одатда қорамтир рангли органик бирикмалар мажмуи ҳисобланади. У ўсимлик ва ҳайвон қолдиқларининг биологик ҳамда биокимёвий парчаланиши, шунингдек, чириш жараёнида юзага келадиган янги мураккаб моддаларнинг синтези натижасида ҳосил бўлади.

Гумус таркибида органик қолдиқлар — оқсиллар, ёғлар, лигнин, углеводлар ва бошқа моддалар, шунингдек, уларнинг парчаланиши давомида пайдо бўладиган оралиқ маҳсулотлар (аминокислоталар, оксикислоталар, феноллар, моносахаридлар ва бошқалар) ҳамда гуминли моддалар мавжуд.

Чиринди тупроқ унумдорлигининг энг асосий манбаларидан бири бўлиб, унда ўсимликларнинг ўсиши учун зарур бўлган углерод, азот, фосфор ва бошқа озиқ элементлар тўпланган бўлади. Ўсимлик қолдиқлари микроорганизмлар таъсирида парчаланганда улардан карбонат ангидрид, азот бирикмалари, фосфор ва олтингугурт, нитратлар, сульфатлар ҳамда ўсимликлар ўзлаштира оладиган бошқа фойдали моддаларнинг ажралиб чиқиши кузатилади.

Гумус тупроқда кальций, магний ва бошқа элементларни ушлаб туриш хусусиятига эга. У тупроқнинг минерал қисмларини бирлаштириб, донадор (структураланган) ҳолатни шакллантиради ва тупроқнинг сувга чидамлилигини оширади.

Тупроқда гумуснинг йиғилиши йил давомида тушадиган органик қолдиқларнинг миқдори, уларнинг парчаланиш тезлиги ва тупроқ микрофлораси (анаэроб, аэроб, бактериал ёки замбуруғли) хусусиятларига боғлиқ.

Гумус миқдори ва унинг тупроқдаги тақсимланиши тупроқ турини аниқловчи муҳим белгилар сирасига киради.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Тупроқшунослик ва агрокимёвий тадқиқотлар институти ўз фаолиятида тупроқларнинг органик моддаси, гумус таркиби, гумификация ва дегумификатсия жараёнларини ўрганиш, гумуснинг камайиб кетишини олдини олиш, шунингдек турли тупроқ турлари учун гумуснинг оптимал миқдорини аниқлаш бўйича илмий изланишлар олиб бормоқда.