Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажмини кўпайтириш, аграр соҳада давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмларини такомиллаштириш, республика аҳолисини озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш ва соҳанинг иқтисодий самарадорлигини ошириш мақсадида қарор қиламан:
I. Мақсадлар
1. Қуйидагилар мазкур Фармоннинг асосий мақсадлари этиб белгилансин:
(а) аграр соҳани молиявий қўллаб-қувватлаш тизимини рақамлаштириш орқали меҳнат ва вақт ресурслари сарфини 2 бараварга қисқартириш, ажратиладиган маблағлар самарадорлигини ошириш;
(б) озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларига давлат томонидан кўрсатиладиган қўллаб-қувватлаш чораларини унификация қилиш орқали уларнинг сонини 2028 йил якунига қадар 50 фоизгача қисқартириш;
(в) соҳада қўллаб-қувватлаш чоралари самарадорлигини ошириш ҳисобига қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 2030 йилга қадар босқичма-босқич 20 фоизга кўпайтириш.
II. Аграр соҳани молиявий қўллаб-қувватлашнинг самарали тизимини йўлга қўйиш
2. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузурида Аграр соҳада тўловлар агентлиги (кейинги ўринларда — Агентлик) ташкил этилсин.
3. Белгилансинки, Агентлик:
(а) озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларига давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чоралари (кейинги ўринларда — қўллаб-қувватлаш чоралари) кўрилишини ташкил қилади;
(б) қўллаб-қувватлаш чораларининг самарадорлик кўрсаткичларини ишлаб чиқиш, ижросини мониторинг ва таҳлил қилиш, натижадорлигини ошириш ҳамда самара бермаётган чораларни бекор қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;
(в) қўллаб-қувватлаш чораларининг янги турларини жорий қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;
(г) қўллаб-қувватлаш чораларини кўрсатиш учун аризаларни топширишдан бошлаб, уларни кўриб чиқиш, маъқуллаш ва тўлов жараёнигача бўлган барча босқичларни тўлиқ рақамлаштиради.
4. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ 2026 йил 1 январдан бошлаб:
(а) 1-иловада келтирилган қўллаб-қувватлаш чоралари Агентлик томонидан амалга оширилади, бундан Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан ажратиладиган имтиёзли ресурслар ва фоиз харажатлари билан боғлиқ чоралар мустасно;
(б) 2-иловада кўрсатилган қўллаб-қувватлаш чораларини амалга ошириш тўхтатилади;
(в) қўллаб-қувватлаш чораларининг янги турларини жорий қилиш ва амалдагиларини бекор қилиш бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритиш фақат Агентлик томонидан Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишилган ҳолда амалга оширилади;
(г) қўллаб-қувватлаш чоралари тадбиркорлик субъектларига алоҳида махсус ҳисоб рақамлар (23210) очиш орқали молиялаштирилади;
(д) қўллаб-қувватлаш чораларининг бир туридан иқтисод қилинган маблағларни уларнинг бошқа турига қайта тақсимлаш Агентликнинг манфаатдор вазирлик ва идоралар билан келишилган таклифларига кўра Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан амалга оширилади;
(ж) қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларнинг қўллаб-қувватлаш чораларини олиш учун белгиланган талабларни бажарганлиги бўйича дала текширувлари Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси томонидан амалга оширилади;
(з) Агентлик бир йилда икки маротаба (олти ойлик ва йил якуни билан) қўллаб-қувватлаш чораларининг самарадорлиги ва натижадорлиги, уларни тақдим этишда юзага келаётган муаммолар ва бартараф этиш механизмлари юзасидан Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан келишилган ҳолда Вазирлар Маҳкамасига ҳисобот киритади.
5. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2025 йил якунига қадар «Агросубсидия» платформасини Солиқ қўмитаси, Божхона қўмитаси, «Ўзбеккосмос» агентлиги, Кадастр агентлиги, тижорат банклари ҳамда бошқа манфаатдор давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот тизимларига интеграция қилиш чораларини кўрсин. Бунда вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимлари ва ресурсларидаги маълумотлар доимий равишда қонунчиликка мувофиқ беғараз асосда тақдим этиб борилсин.
6. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Аграр соҳада тўловлар агентлигининг фаолиятини самарали ташкил қилиш бўйича «йўл харитаси» 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
7. Белгилансинки:
(а) қишлоқ хўжалиги вазирининг молия-иқтисодиёт масалалари юклатилган ўринбосари бир вақтнинг ўзида Агентлик директори ҳисобланади ва ўриндошлик асосида фаолият юритади;
(б) Агентлик фаолияти Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади;
(в) Агентлик штат бирликлари 4-иловага мувофиқ вазирлик ва идораларнинг 23 та штат бирлигини мақбуллаштириш ҳисобига шакллантирилади.
III. Фармон ижросини ташкил этиш, таъминлаш ва назорат
8. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 2026 йилдан бошлаб Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг асосланган ҳисоб-китобларига кўра Агентликка қўллаб-қувватлаш чоралари учун талаб этиладиган маблағларни ҳар йилги Давлат бюджети параметрларида назарда тутсин.
9. Савдо-саноат палатаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда Агентликни Тошкент шаҳри Яккасарой тумани Ш. Руставели кўчаси 8-уй манзилидаги бинога бепул фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирсин.
10. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда Агентлик фаолиятини ташкил этиш учун зарур бўлган жиҳозлар, моддий-техник воситалар ва алоқа турлари билан таъминлаш чораларини кўрсин.
11. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги икки ой муддатда:
(а) Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда Агентлик тузилмаси ва Агентлик тўғрисидаги низом лойиҳасини ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритсин;
(б) қонунчилик ҳужжатларига мазкур Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
12. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясига Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларига давлат томонидан кўрсатиладиган қўллаб-қувватлаш чоралари тўғрисида кенг жамоатчиликни мунтазам равишда хабардор қилиб бориш тавсия этилсин.
13. Мазкур Фармоннинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Бош вазир ўринбосарлари Ж.А. Ходжаев ва Ж.А. Қўчқоров, қишлоқ хўжалиги вазири И.Ю. Абдурахмонов белгилансин.
14. Фармон ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Ш.М. Ғаниев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2025 йил 21 ноябрь,
ПФ-224-сон