Бразилия далаларида энди трактор шовқини ўрнини роботлар, дронлар ва сунъий интеллект эгалламоқда. Фермерлар ер билан қўлда эмас, балки сенсорлар, камералар ва таҳлил алгоритмлари орқали “мулоқот” қилади.
Solinftec компанияси яратган “Solix AG Robotics” роботлари майдонни сканерлаб, бегона ўтларни аниқлайди, зараркунандаларга қарши аниқ маълумот беради ва ҳосил ҳолатини таҳлил қилади.
Шунингдек, Бразилияда рақамли қишлоқ хўжалиги лойиҳалари доирасида дронлар, LiDAR технологияси ва тупроқ хариталаш тизимлари кенг қўлланилмоқда. Энди фермерлар ернинг ҳар бир қаричини назорат қилиб, сув, ўғит ва уруғни фақат зарур жойга йўналтира олади.
Энг муҳими — барқарорлик. Кимёвий ўғит ва пестицидлар сарфи камаяди, чиқиндилар эса деярли нолга тушади. Шу билан Бразилия “яшил технологиялар” мамлакатига айланмоқда.
Бу тажриба Ўзбекистон учун ҳам жуда долзарб. Масалан, соя ёки ғалла етиштиришда сенсорлар ёрдамида тупроқ намлиги ва озуқа балансини кузатиш, дронлар ёрдамида зараркунандаларни аниқлаш нафақат ҳосилдорликни оширади, балки ресурсларни тежайди.