Электрон почта: info@agroxabarlari.uz

Kurs UZS USD 12 047.45 +26.55 EUR 14 099.13 +110.41 RUB 151.90 −3.59

Экин майдонларида бегона ўтлар қандай кўпаяди?

Экинлар орасида униб чиқиб, уларнинг ривожланишига ҳалал берадиган бегона ўтлар бир йиллик ва икки йиллик бўлади. Энг кўп ва кенг тарқалган биологик гуруҳга мансуб бир йиллик бегона ўтлар фақат уруғидан кўпаяди. Уруғларининг униб чиқиш муддатларига кўра улар эфемерлар, эрта баҳорги, кеч баҳорги, қишловчи ва кузги бегона ўтлар биогуруҳларига бўлинади.

Эфемерларнинг ўсиш даври қисқа бўлиб, уларнинг ҳаёти униб чиқишидан уруғ етилгунча 1,5-2 ой давом этади. Бунга лолақизғалдоқ, юлдузўт мисол бўлади. Кузда униб чиққанлари қишлайди. Улар кузги ғалла, биринчи йилги беда, кузги пиёз ва бошқа экинлар орасида кўп учрайди.

Эрта баҳорги бегона ўтлар уруғи илк кўкламда, ҳали тупроқ яхши қизимасиданоқ униб чиқади ва экинлар ҳосилини йиғиштириб олгунча ёки улар билан бир вақтда пишиб етилади.