Ноябрь ойидан бошлаб ҳавонинг кескин совиб кетиши нафақат экинларга, балки гул ўсимликларига ҳам таъсир кўрсатади. Шу сабабли боғбонлар ва гуллар ишқибозлари ҳозирданоқ ўз ўсимликларини совуқдан ҳимоя қилиш чорасини кўришлари керак.
1. Хонага ўтказиш ва мослаш даври
Кўп йиллик гул турларини (геран, фуксия, пеларгония ва бошқалар) хонага ёки иссиқ жойга олиб кириш керак. Аммо буни бирдан эмас, ҳар куни бир неча соат ичкарига киритиб, аста-секин мослаштириш фойдали.
2. Суғориш меъёрини камайтириш
Совуқ даврда ўсимликлар ўсишдан тўхтайди, шунинг учун ортиқча суғориш илдиз чиришига сабаб бўлади. Ҳафтасига бир марта, илиқ сув билан суғориш етарли.
3. Қуёш нури ва ёритиш
Қиш фаслида ёруғлик камаяди. Агар гулни хона ичига ўтказган бўлсангиз, уни жанубий дераза томонга қўйиш ёки сунъий чироқ (фитолампа) билан ёритиш тавсия этилади.
4. Тупроқни алмаштириш шарт эмас
Агар гул соғлом бўлса, совуқ мавсумда кўчириб ўтқазиш керак эмас. Тупроқ алмаштиришни баҳоргача қолдириш яхшироқ.
5. Совуққа чидамли турларни танланг
Боғ учун хризантема, лаванда, пион, ирис каби турлар қиш совуқларига чидамли ҳисобланади. Уларни мулчалаш (сомон ёки барг билан ёпиш) орқали ҳам ҳимоя қилиш мумкин.