Дарахтлар – табиатнинг энг муҳим таркибий қисмларидан бири бўлиб, улар экологик мувозанатни сақлашда, ҳавони тозалашда ва тирик организмларга қулай муҳит яратишда катта роль ўйнайди. Уларнинг асосий экологик фойдаларидан бири кислород ишлаб чиқариш ва карбонат ангидридни сингдириш жараёнидир.
Фотосинтез жараёнида дарахтлар қуёш нури ва карбонат ангидрид (CО₂) ни ўзлаштириб, кислород (О₂) ишлаб чиқаради. Битта катта дарахт йилига ўртача 120 кг кислород ишлаб чиқариши мумкин. Масалан, етилган 40 та дарахт йил давомида битта инсон учун зарур бўлган кислород миқдорини ишлаб чиқаради.
Шу билан бирга, битта дарахт йилига ўртача 22 кг карбонат ангидридни ютиб, глобал исишнинг олдини олишга ёрдам беради. Дарахтлар ҳавода учувчи зарарли моддалар – чанг, олтингугурт диоксиди (СО₂), азот оксидлари (НОх) ва бошқа заҳарли газларни ўз барглари орқали филтрлашга қодир.
Масалан, шаҳар муҳитида ўсаётган дарахтлар ҳар йили 60-70 кг чанг ва зарарли моддалардан ҳавони тозалаши мумкин. Бу айниқса йирик шаҳарларда экологик муҳитни яхшилашда муҳим аҳамиятга эга. Уларнинг илдиз тизими тупроқни эрозиядан ҳимоя қилади ва ёмғир сувлари оқимини бошқариб, сув омборлари учун табиий фильтр ролини ўтайди.
Дарахтлар атроф-муҳитга эстетик гўзаллик бағишлаш билан бирга, инсон руҳиятига ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Тадқиқотларга кўра, яшил ҳудудларда сайр қилиш стрессни камайтиради, қон босимини нормаллаштиради ва руҳий ҳолатни яхшилайди. Шунинг учун дарахт экиш ва уларни ҳимоя қилиш ҳар бир инсоннинг экологик масъулиятидир.