Электрон почта: info@agroxabarlari.uz

Kurs UZS USD 12 003.18 +13.09 EUR 13 987.31 +12.86 RUB 156.68 −1.27

Сабзи шохли ва қийшиқ бўлиб етилмаслиги учун нима қилиш керак?

​Сабзи – ўзига яраша “инжиқ” сабзавот. У тупроқ сифати, намлик ва pH мувозанатига ниҳоятда сезгир. Шу сабабли, ҳосилдан кутилган натижага эришиш учун унинг “характери”ни билиш ва унга мос муҳит яратиш зарур.

Сабзи энг аввало юмшоқ, ҳавони яхши ўтказадиган, қумлоқ ёки энгил механик таркибли тупроқда ўзини эркин ҳис қилади. Оғир, лойли тупроқда эса унинг илдизи нафас ололмайди — натижада илдиз секин ривожланади, ингичка ва нотекис шакл ҳосил қилади.

Агар ерда тош, илдиз, шох-шабба ёки чиримаган органик қолдиқлар мавжуд бўлса, сабзи илдизи бу тўсиқларни “айланиб ўтади”. Натижада у шохли ёки қинғир бўлиб ўсади. Бу ҳолат сабзавотнинг сифати ва бозор қийматини кескин пасайтиради.

Хўш, унда қандай йўл тутиш керак?

— Кузда ер ҳайдаш жараёнида барча ёт жисмлар — тош, илдиз, чиқинди ва органик қолдиқлар тозалаб ташланиши лозим.
— Тупроқни юмшатиш учун унга қум ёки тўлиқ чиритилган гўнг (компост) аралаштириш тавсия этилади. Бу нафақат сабзи, балки бошқа илдизмевалар учун ҳам қулай муҳит яратади.

Тупроқнинг кислоталилигини назорат қилиш

Сабзи нордон (кислотали) тупроқда ўсишни ёқтирмайди. Энг мақбул pH даражаси — 5,6–7,0 оралиғида бўлиши керак. Нордон муҳитда сабзи илдизи кўп “думли” ёки “шохли” бўлиб етилади — бу эса ҳосил сифатига салбий таъсир кўрсатади.

Шундай экан, ҳар 2–3 йилда бир маротаба оҳак ёки доломит уни ёрдамида ернинг нордонлигини камайтириш керак. Агар бу иш кузда бажарилмаган бўлса, баҳорда — экишдан камида бир ой олдин амалга ошириш зарур. Бунда кул, доломит ёки кальций карбонат асосидаги аралашмалар қўлланилади.

Агротехник хатоликларга эътибор беринг

Сабзи шаклининг бузилиши фақатгина эстетик муаммо эмас, балки агротехник хатоликларнинг белгисидир. Ҳар бир қийшиқ илдиз ортида нотўғри тайёрланган тупроқ, назорат қилинмаган нордонлик ёки вақтида бажарилмаган ишлар ётади.