Электрон почта: info@agroxabarlari.uz

Kurs UZS USD 12 047.45 +26.55 EUR 14 099.13 +110.41 RUB 151.90 −3.59

Шифобахш ўсимлик — Алоэ ҳақида билармидингиз? Унинг фойдали хусусиятлари ва етиштиришга оид тавсиялар

Алоэ – лоладошлар оиласига мансуб доим яшил, кўп йиллик ўтлар (баъзан дарахтлар) туркумига киради. Алоэ турлари гултувакда ҳам ўстирилади. Уларнинг барги семиз, серсув, қалин ва тиканли. Асли ватани Африка бўлган бу ўсимлик юртимизга бир неча асрлар олдин кириб келган. Ушбу ўсимликнинг қарийб 180 тури маълум.

Алоэнинг жел қисми куйиш, кесилиш ва тери касалликларида фойдали ҳисобланади. У терининг янгиланишини тезлаштиради ва тинчлантиради. Шунингдек у ошқозон-ичак трактидаги муаммоларни енгиллаштиришга ёрдам беради. Ўпка сили ва бошқа касаллик ҳолатларида даволовчи восита сифатида қўллаш мумкин.

Қолаверса, у терини намлантирувчи ва ёшартирувчи хусусиятга эга, шунинг учун ҳам кремлар, лосёнлар ва бошқа косметик маҳсулотларнинг таркибий қисми сифатида ишлатилади. Ундан тайёрланган маҳсулотлар ҳозирда дунё бозорида юқори нархларда харид қилинади.

Алоэ шарбатининг таркиби бета-каротин, кислоталар (лимон, олма, гиалурон), минераллар (фосфор, кальций, калий, рух, хром, мис), углеводлар (глюкоза, фруктоза, целлюлоза), эфир ёғлари, C, Э, B гуруҳ витаминларидан ташкил топган. У манзарали ва шифобахш ўсимлик сифатида хонадонларда ўстирилади.

Етиштириш шароитлари

Алоэ қуруқ ва қуёшли шароитни яхши кўради. Ҳарорат 10°C дан паст бўлмаслиги лозим, чунки у совуққа чидамсиз. Шунингдек, у тупроқнинг яхши дренажланган бўлишини талаб қилади. Қумли ёки тошли тупроқларда яхши ўсади. Оғир ва нам тупроқлар бу ўсимликка зарар етказиши мумкин.

Ушбу ўсимликка ортиқча сув керак эмас. Унинг суғорилиши ўртача бўлиши лозим, ортиқча намлик илдизларнинг чиришига олиб келиши мумкин. Алоэ тўғридан-тўғри қуёш нурини хуш кўради, лекин баъзан ярим соя ҳам уни ўстириш учун мақбул вариант сифатида кўрилади.