Майин жунли қўйлар – жун қоплами ўта зич жойлашган тивит тоифасидаги майин толадан ташкил топган қўйлар гуруҳи. Майин жунли қўйлар қадимдан урчитилади. Австралия, Европа, АҚШ, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Украина ва бошқа мамлакатларда боқилади.
Майин жунли қўйлар тери сатҳининг 1 см2 майдончасида 4–11 минг жун толаси жойлашган бўлиб, ўртача диаметри 25 мкм дан ошмайди. Майин жунли қўйлар жунининг жингалаклари бир меъёрда. Толанинг 1 см2 узунлигида 6–9 жингалак мавжуд. Тери қатламларидаги ёғ ва тер безлари маҳсули бўлган мураккаб ёғ-тер аралашмалари жун толаларини сиртдан қоплаб, ташқи муҳитнинг ноқулай шароитлари (ҳарорат, намлик) таъсиридан ва ифлосланишидан асрайди. Жунининг ўртача узунлиги 7–10 см.
Асосий жун маҳсулотидан ташқари, майин жунли қўйлардан гўшт ҳам олинади. Шунга кўра, улар 3 гуруҳга:
– жундор (Озарбайжон тоғ мериноси, Ставропол зотлари);
– жун, гўшт (Аскания, Олтой, Кавказ);
– гўшт-жун йўналишидаги (архаромеринослар) зотларга бўлинади.
Майин жунли қўйлар 1 кг тирик вазни ҳисобига 50–70 грамм ва ундан ҳам ортиқроқ жун тола бериши билан бошқа гуруҳлардан устунлик қилади, лекин жуссаси майдароқ. Совлиқларининг тирик вазни 45–50 кг, қўчқорларники 80–90 кг. Бир она қўйдан камида 2,5–3,0 кг соф жун толаси олиш мумкин. XIX асрнинг 70–80 йиллари ва XX аср бошлари ва ўрталарида майин жунли қўйлар Ўзбекистон ҳудудига ҳам келтирилган. Тошкент, Жиззах ва бошқа вилоятлар хўжаликларида олиб борилган илмий-тадқиқот ишлари ва кузатишлар натижасида республикада ярим майин жунли қўйчилик тармоғининг пайдо бўлиши ва шаклланиши бирмунча жадаллашди.