Анжир етиштиришда мўл ҳосил олиш учун тупроқ тайёрлаш, кўчат экиш, парваришлаш ва касалликларга қарши кураш бўйича бир қатор муҳим жараёнларни тўғри ташкил қилиш зарур.
Аввало, экишдан олдин ер майдони текисланиб, унга чириган гўнг, чиринди, фосфорли, калийли ва азотли ўғитлар қўшилиб, чуқур ҳайдалиши керак. Кўчатлар учун 50×50 см ўлчамда чуқур ковланиб, 20–25 см устки тупроқ қатлами алоҳида ажратилади.
Кўчатлар тайёрланган шалтоққа (мол гўнги ва тупроқ 1:1 нисбатда) ботириб олинганидан кейин, олдин олинган тупроқ билан кўмилади ва ҳар бир чуқурга сув қуйилади. Экиш схемаси 5×4 м бўлиб, март ойида амалга оширилади.
Парвариш жараёнида анжир туплари бутасимон шакллантирилади. Бунда асосий 3–4 та йирик шох қолдирилади, қишдан чиққан новдалар 1/3 қисмига қисқартирилади ва қалин шохлар сийраклаштирилади. Бу япроқларга қуёш нури ва шамолнинг яхши кириб боришига ёрдам беради.
Ўғитлаш меваларнинг сифати ва ҳажмини оширишда муҳим аҳамиятга эга. Анжир тупларига 250–300 г азотли, 200–220 г фосфорли ва 180–200 г калийли ўғитлар қўллаш тавсия қилинади. Азот ўғити 30–40% кузда, қолган қисми апрель ва июль ойларида тенг миқдорда солинади. Ҳар 2–3 йилда 50–60 кг чириган гўнг солиш ҳосилдорликка ижобий таъсир кўрсатади.
Ҳосилни ўз вақтида йиғиш сифатли мевалар олишнинг муҳим шартларидан бири. Мевалар ёзнинг ўрталарида пишиб етилади ва навга хос тўқ жигарранг рангга кирганда узиш лозим. Пишиб кетган мевалар вақтида териб олинмаса, шохида қуриб қолиши мумкин.