Ғаллачиликда ресурс тежайдиган замонавий агротехнологияларни қўллаш натижасида ўртача ҳосилдорлик биринчи марта 85 центнерга етказилди. Олти мингдан ортиқ тажрибали фермерларимиз бу борада 90-100 центнерлик маррани забт этганларини алоҳида таъкидлаш лозим.
Ресурсларни тежайдиган интенсив технологиялар асосида 50 минг гектар майдонда сабзавот етиштирилиб, ҳосилдорлик анъанавий усулга нисбатан 200-250 центнерга ошгани, соф даромад гектаридан 6-8 минг долларни ташкил этгани ҳам муҳим ютуқларимиз қаторига киради.
Йил давомида қишлоқ хўжалиги субъектларига 18 триллион сўм имтиёзли кредит ва 176 миллиард сўм субсидия ажратилгани, умумий қиймати 3,6 триллион сўмлик 11 минг 600 дона юқори унумли замонавий техника ва агрегатлар етказиб берилгани ҳам мавсумни самарали якунлашда муҳим омил бўлди”, деди Президент ўз табригида.