2025 йил ҳосилидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси товар-хом ашё биржасида етиштирилиши кутилган пахта хомашёси фьючерс ва форвард шартномаларини тузиш орқали сотилган ва етиштирилган маҳсулотни топширилиши амалга оширилмоқда. Шу билан бирга, етказиб берилиши режалаштирилган ҳажмдан ортиқча етиштирилган маҳсулот вақтинча сақлашга қўйилиб, спот шартномаларини тузиш орқали сотилиши йўлга қўйилган.
Ҳозирда, келиб тушган мурожаатларни қаноатлантирган ҳолда, Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг “CропАгро” ахборот тизими ёрдамида маълумотларни шакллантириш ва биржада қўшимча тарзда форвард шартномаларини тузиш имкониятлари яратилди.
Бунинг учун қуйидаги босқичлар амалга оширилади:
1. Фермер https://cabinet-crop.agro.uz манзилига электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда ўзининг шахсий кабинетига киради ва “Кутилаётган ҳосилдорлик бўйича қўшимча форвард шартномаларини тузиш” тугмасини босади.
2. Кутилаётган ҳосилдорликни киритади, бунда биржада юбориладиган маълумотлар автоматик тарзда шаклланади.
3. Сақлаш тугмаси босилади ва савдони амалга ошириш учун ҳудуддаги брокерларга мурожаат қилинади.
Биржада тузилган шартномаларни юклаб олиш мумкин, шунингдек, мазкур шартномалар фойдаланувчининг кабинетида сақланади ва улар бўйича маҳсулотни топшириш учун “Ҳосил қабули” ва “АгроТарози” ахборот тизимларига юборилади.