Мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида муҳим босқич бошланди. Президентимизнинг 2025 йил 4-сентабрдаги ПФ–153-сонли “Қишлоқ хўжалиги соҳасида қўшилган қиймат солиғини ҳисоблашнинг соддалаштирилган тартибини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Давлат солиқ қўмитаси томонидан муҳим ҳужжат — қўшилган қиймат солиғининг “ноль” ставкаси қўлланиладиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари рўйхати ишлаб чиқилиб, тасдиқланди.
Эслатиб ўтамиз, мазкур Фармонга кўра, 2026 йил 1 январдан бошлаб:
– қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари (пахта ва ғалладан ташқари) томонидан етиштирилган маҳсулотларни реализация қилишда ҚҚСнинг “ноль” ставкаси жорий этилади;
– тўланган ҚҚС суммаси 3 кун ичида автоматлаштирилган тарзда қайтарилади;
– электрон ҳисобварақ-фактуралар реал вақт режимида хавф даражасига қараб таҳлил қилинади.
Натижада нима ўзгаради?
Мутахассислар таъкидлашича, ушбу тартиб нафақат солиққа оид жараёнларни соддалаштиради, балки фермер хўжаликларининг молиявий интизомини мустаҳкамлайди, уларнинг кредит ва суғурта тизимларидан фойдаланиш имкониятини ҳам кенгайтиради.