Мамлакатимиз ҳудудида экиш учун тавсия этиладиган навлар: Аврора, Замин F1, Феруз, Globus.
Уруғ танлаш: Экиладиган уруғи тоза, юқори унувчан, касалликлардан ҳоли, синмаган, вазндор бўлиши зарур. Уруғлар бошқа ўсимликлар уруғлари ва аралашмаларидан тозаланади.
Ер тайёрлаш: Уруғ сепиладиган майдонлар ўтмишдош экин қолдиқлари ва бегона ўтлардан сифатли қилиб тозаланади. 1 сотихга 150-200 кг чириган гўнг солинади. Ер 20-25 см чуқурликда юмшатилади, йирик кесаклар майдаланиб, яхшилаб текисланади ва суғориш эгатлари олинади.
Экиш муддати: Бақлажон кўчатларини жанубий вилоятларда мартнинг ІІІ ўн кунлиги, марказий вилоятларда апрелнинг ІІ-ІІІ ўн кунлигида ва шимолий вилоятларда апрелнинг III ва майнинг І ўн кунлигида 70х40 см тизимида, ер ости сувлар яқин бўлган ерларда 90×30 см тизимида экилади. 1 сотих майдонга экиш схемасига қараб 350-360 та кўчат сарфланади.
Парваришлаш: Ўсимликларга биринчи ишлов бериш кўчатлар тўлиқ тутиб олгач бошланади. Бунда эгат ичи, пушта ва қатордаги кўчатлар орасининг тупроғи юмшатилади.
Ўғитлаш: 1 сотих майдонга тук ҳолда 7,6 кг сульфат аммоний, 2,6 кг аммофос, 1,6 кг калий хлор ўғитлари берилади. 1 кг аммофос ва 0,75 кг калий хлор ҳайдовдан олдин 200 кг чириган гўнг билан бирга солинади.
Ҳосилни йиғиштириш: Бақлажон техник жиҳатдан етилганда меваси йириклашади, пўсти тўқ бинафша ранга кириб, усти ялтираб туради. Айни шу вақтда меванинг эти нозик, тахирсиз ва уруғи қотмаган бўлади. Бақлажон ҳосили 6-7 кун оралатиб банди билан узиб олинади.