Электрон почта: info@agroxabarlari.uz

Kurs UZS USD 12 509.83 −79.52 EUR 14 520.16 −136.36 RUB 156.55 −1.09

Мева дарахтларининг қайси турлари шўр тупроқларга чидамли ҳисобланади?

Мева дарахтларининг шўрга чидамлилиги кўп жиҳатдан уларнинг турига, навига, индивидуал хусусиятларига ва пайвандларига боғлиқ. Унумдор ерларда ва органик ўғитлар солинган шароитда мевали дарахтлар анча юқори даражадаги шўрланишга чидай олади.

Олманинг турли навлари хлорга нисбатан турлича даражада чидамлиликка эга. Масалан, туркман олмаси шўрга чидамли ҳисобланади. Симеренко камроқ чидамли, розмарин навлари эса шўрга анчагина чидамлидир.

Нок олмага қараганда шўрга чидамлироқ бўлади. Хоразм вилоятида кўпроқ етиштириладиган нокнинг маҳаллий навлари – олмурут ва шакар-мурутлар шўрланишга жуда чидамли.

Ўрик – шўрга чидамли мева турларидан бири, аммо бу жиҳатдан у нокдан кейинда туради. Лекин ўрикнинг нокдан кўра шўрга чидамлироқ маҳаллий турлари бор. Қизилполвон, кузги, хоразмий, оқпайванди, қорақалпоқ, Хива тўқ-сариқ навлари шулар жумласидандир.

Олхўри тупроқ шўрига чидамлилик жиҳатидан ўрикдан кейинда туради. Хоразмда ўсадиган ва маҳаллий аҳоли таносул деб атайдиган қора олхўри ва ўрик-тоғолча тупроқ шўрига жуда чидамли бўлади.

Гилосни олчага қараганда чидамлироқ деб бўлмайди. Шафтоли ҳам худди шундай. Анжир ва анор шўрга бирмунча чидамлидир. Хурмони чидамлилар синфига киритиш мумкин. Қулупнай эса бу борада мақталадиган эмас. У шўрга нисбатан чидамсиздир.