Бу мевада турли пектин бирикмалари, фруктоза, глюкоза, калий тузлари, темир, кальций, фосфор ва мис бор.
Кўп мамлакатлардаги халқ табобати вакиллари қадимда пиширилган ва қайнатилган беҳи мевасидан ошқозон-ичак касалликларини даволашда меъда фаолиятини яхшилашда фойдаланишгани маълум.
Беҳи юрак ўйноғи, сариқ ва ичкетар касалликларини даволашда ижобий натижалар бериши аниқланган.
Овқатланиш олдидан иштаҳасизликда, аёлларнинг қон кетиш касалликларида 10 г қуритилган беҳига 100 г қайнқк сув куйиб, ундан 1 ош қошиқдан ичиш яхши натижа беради. Қирғичдан ўтказиб, сувда қайнатиб пиширилган беҳи мевасини жигар касалликлари ва кўнгил айниш, қусишни олдини олишда истеъмол қилиш фойдалидир.
Беҳининг янги пишган меваси ва шарбати камқонликда, ич кетиш ва қон кетиш билан боғлик меъда-ошқозон йўллари касалликларида, пешоб ҳайдовчи восита сифатида ва юрак-қон томир касалликларида истеъмол қилиш тавсия этилади ва бу яхши натижа беради.
Беҳи меваси бириктирувчи пешоб ҳайдовчи, қон кетишини тўхтатувчи, антисептик, қусишини тўхтатувчи хусусиятларга эга, уруғи эса, юмшатувчи, шамоллашни тузатувчи ва антисептик хусусиятларга эгадир.
Мана шунинг учун хам медицина практикасида беҳи уруғининг қайнатилган ёпишқоқ бутқаси қон туфлашида, аёллардан қон кетишида, ич кетишда тавсия этилади.
Беҳи уруғи қайнатмасидан терини юмшатиш, пардозлаш, кўз касалликларида малҳам қуйиш, ангинада ғарғара қилиш мақсадларида ҳам фойдаланилади.
Беҳи мевасидан дамлама тайёрлаб ичиш камқонлиликда тавсия этилади. Уни тайёрлаш учун беҳини кичик бўлакларга бўлинади, идишга солиб, устидан сув қуйиб юмшагунича қайнатилади, унинг шарбатини дамлама шаклига келиб, қуюқлашгунча қайнатилади.
Беҳининг янги узилган меваси таркибида темир моддаси кўплигидан темир моддаси етишмаслигидан бўладиган камқонлиликни олдини олиш ҳамда уни даволашда, узоқ давом этган касалликлар, тана ҳарорати баландлигидан қийналганда истеъмол қилинади.
Орқа чиқариш тешиги деворлари ёрилишида беҳи ёки унинг шарбатини иссиқ сувда намланган бинтни малҳам қилиб куйиш фаол воситалардандир. Янги меваси ёки қуритилган беҳининг қайнатмаси илгари замонлардан аёлларда кўп қон кетишини тўхтатишда ишлатилган – кунига 3 маҳал майда қилиб кесилган беҳи бўлакчаларини чойга солиб ичилган.
Беҳи уруғини эзиб (5-100) сувга аралаштирилса, елимдек ёпишқоқ модда ҳосил булади, уни теридаги жароҳат битишини тезлаштиришда, балғам кўчирувчи, йўталга қарши восита (айниқса болаларда бронхитда) сифатида, тинчлантирувчи восита (ошқозон ва ўн икки бармоқли ичак ярасида) сифатида ишлатилади.