Исириқни танимайдиган одам деярли топилмаса керак. Аммо унинг шифобахш, айниқса тиббий хусусиятларини тўлиқ биладиганлар унча кўп эмас. Шу боис бугунги мавзуни исириқ ўсимлигининг фойдали жиҳатлари ва халқ табобатидаги ўрнига бағишладик.
Исириқ ўсимлигининг биологик тавсифи
Исириқ — баландлиги 30–70 см га етадиган кўп йиллик ўсимлик ҳисобланади.
Пояси бир нечта бўлиб, тукли ва ён томонга ёйилиб ўсади. Гуллари оқ-сарғиш рангда бўлиб, пояда якка-якка жойлашади. Меваси шарсимон, кўп уруғли бўлади. Исириқ эрта баҳордан ўсишни бошлайди.
Таркиби ва табобатдаги аҳамияти
Исириқ халқ табобатида “табиат гавҳарларидан бири” сифатида эътироф этилади. Унинг кенг қўлланилишига сабаб — бой кимёвий таркибидир. Ўсимлик таркибида:
- алкалоидлар
- пеганол, пеганидин
- гармин, гармалин
- эфир мойлари
- ошловчи моддалар мавжуд
Масалан, гармин моддаси асаб тизимини тинчлантиради, бош мия яллиғланишидан кейинги қалтираш ҳолатларида ва ухлатувчи восита сифатида қўлланилган.
Исириқнинг фойдали жиҳатлари
- Исириқдан фойдаланиш мумкин бўлган ҳолатлар жуда кўп. Улардан айримларини санаб ўтамиз:
- Исириқ ўтини куйдириб, ҳидланса бош оғриғи камаяди;
- Исириқ уруғи қайнатмаси нафас қисиши ҳолатларида зиғир уруғи билан аралаштириб ичилса фойда беради;
- Исириқнинг шоналаш даврида олинган ўти ва уруғлари даволашда энг самарали ҳисобланади;
- Тинчлантирувчи восита сифатида қўлланиб, уйқусизликка яхши таъсир кўрсатади;
- Ўсимлик шираси ёки қайнатмаси билан юз ювиш катаракта ҳолатларида фойдали саналади;
- Уй-жойларни дезинфекция қилиш учун исириқни тутатиш мумкин;
- Исириқнинг сут шираси тиббий пахтага шимдирилиб, қичишаётган жойга 10 кун давомида суртилса, самара беради;
- Юрак фаолиятини яхшилаш учун исириқ уруғи, седана, камфора, мурч, петрушка, қора зира ва заъфарон тенг миқдорда аралаштирилиб, асал ёки шакар билан кунига бир маҳал истеъмол қилинади;
Ич дам бўлганда исириқ, петрушка уруғи, ялпиз ва занжабил аралашмаси шифо беради.