Покистоннинг Панжоб вилоятида жойлашган Картошка илмий-тадқиқот институти (Potato Research Institute — PRI) мутахассислари тутун ва туманли об-ҳаво шароитларига бардошли янги картошка навларини яратиш устида илмий изланишлар олиб бормоқда.
Мазкур тадқиқотлар сўнгги йилларда Панжоб ҳудудида картошка етиштириш ҳажми қарийб 20 фоизга камайгани билан бевосита боғлиқ. Иқлим ўзгариши, ҳавода тутун миқдорининг ортиши ва совуқ уриш ҳолатлари ҳосилдорликка салбий таъсир кўрсатмоқда.
Панжоб Қишлоқ хўжалиги департаменти маълумотларига кўра, вилоятда картошка 1 миллион акрдан ортиқ майдонда етиштирилади ва йиллик ўртача ҳосил 9 миллион тоннани ташкил этади. Шунга қарамай, ноқулай иқлим шароитлари бу кўрсаткичларнинг пасайишига сабаб бўлмоқда.
PRI директори доктор Сед Ижазул Ҳассаннинг таъкидлашича, тутун ва совуқ уриши картошка экинлари учун энг хавфли омиллардан бири ҳисобланади. Шу боис институт ҳосилдорликни барқарорлаштириш ва йўқотишларни камайтириш мақсадида тутунга чидамли навлар устида фаол иш олиб бормоқда.
Мутахассислар фикрича, тутун фотосинтез жараёнини сусайтиради, касалликларнинг кенг тарқалишига шароит яратади ҳамда картошка туганаклари сифатига салбий таъсир кўрсатади.
Ҳозирга қадар институт томонидан туманли шароитга мослашган, юқори ҳосилдор 12 та картошка нави ишлаб чиқилган. Эндиликда эса илмий изланишлар тутунга чидамли янги навлар яратишга қаратилмоқда.